Читать онлайн «?умо ?ўнган ша?ар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Му?аммад Ризо Эрниёзбек ў?ли Ога?ийнинг 190 йиллиги юбилейларига ба?ишланади»

Автор Ибадулла Самандарович Байджанов

Ҳумо қўнган шаҳар

Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади

Ибадулла Самандарович Байджанов

© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016

© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016

Редактор Абдулла Сафоев

Корректор Махмуд Ибадуллаевич Самандаров

Корректор Рустам Ибадуллаевич Самандаров

Корректор Меҳрибон Сафоева

ISBN 978-5-4483-5005-4

Байджанов Ибадулла Самандарович

Ҳумо

Улуғлар руҳи мададкор

Сўз боши

Хоразм! Бу биргина калимани тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда жаннатмакон ўлка намоён бўлади, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлиб тошади. Ўз бағрида Аль-Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Нажмиддин Кубро, Аз-Замахшарий, Огаҳий, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ зотларни камолга етказган ва улар орқали ўзбекнинг шон-шуҳрати, ақл заковати, ирода ва жасоратини жаҳонга танитган бу табаррук тупроқнинг ҳар қаричи кўзга тўтиё, муқаддас. Президентимиз И.  А.  Каримов Хиванинг 2500 йиллиги юбилейи тантаналарида сўзлаган табрик нутқида «Хоразм муқаддас замин, ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси, унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир» деган эди. Юртбошимизнинг ишонч билан айтган бу сўзлари ҳар бир хоразмлик қалбини тўлқинлантириб, ота-боболаримизга муносиб бўлиб яшашга ундайди.

Агар кўҳна Хоразм харитасининг ўтмиши ва бугуни билан танишадиган бўлсак, унинг маркази Урганчда ҳам улуғвор ишлар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўламиз. Бир-биридан муҳташам бинолар, йўллар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди.

Аэропорт, вокзал, кинотеатр, меҳмонхона, мустақиллик шарофати билан қурилган қўшма корхоналар – Урганч кўрки, Хиванинг 2500 йиллиги, Урганчнинг 350 йиллиги муносабати билан воҳа маркази янада гўзаллашди, обод, кўркам, хушманзара масканга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 1999 йилда бирданига икки улуғ сана – Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги ҳамда халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги тантаналари ҳам айнан Хоразм маркази Урганч шаҳрида кенг нишонланади. Ана шу юзадан чиқарилган қарорлар бўйича бу улуғ анжуманларга қарата тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетди. Белгиланган тадбирларга кўра кенг кўламда бунёдкорлик, ободонлаштириш, ташвиқот ишлари олиб борилади. Хоразм, бу муқаддас масканда камолга етган улуғ инсонлар, Урганч ва урганчликлар ҳақида қатор рисолалар чоп этилади. Шулар қатори ушбу китоб ҳам икки улуғ айёмга арзугулик тўёна ҳисобланади. Бу китобда воҳа юраги ҳисобланган Урганч мисолида муқаддас заминимиз Хоразмда туғилиб, камолга етган буюк инсонлар, ота-боболаримизга бўлган муносабат чин дилдан изҳор этилади, Урганчнинг ўтмиши бугуни ҳақида фахр билан ҳикоя қилинади.