Эрнст Теодор Амадей Ҳофман
ТИЛЛА ХУМЧА
ШЧЕЛКУНЧИК ВА СИЧҚОН ҚИРОЛИ
ЭРТАККА АЙЛАНГАН ҲАЁТ ВА ҲАЁТГА АЙЛАНГАН ЭРТАК
Э. Т. А. Ҳофман эса романтизм билан реализм ўртасидаги илғаб бўлмас жуда нозик қиррада (кейинчалик мумтоз адабиёт вакиллари бу қиррада чинакамига жўяклар тортганлар) туришнинг уддасидан чиққан. Немис адиби учун ҳам романтикларнинг юксак ҳаёлий парвозлари, уларнинг ижод эркинлиги, бу дунёдан ўз жойини топа олмаганликлари тўғрисидаги фикрлари бегона бўлмаганлиги шубҳасиздир. Лекин, у ўзлигининг бир кишилик ҳибсхонасида ҳам, оддий турмушнинг туссиз каталагида ҳам бекиниб ўтириш тарафдори бўлмаган. Э. Т. А. Ҳофман: «Ёзувчилар яккаланиб яшамасликлари керак, аксинча, одамлар ичида бўлишлари, кундалик ҳаётнинг барча кўринишларини кузатиб боришлари зарур», деган.
Эрнст Ҳофман ёшлигиданоқ мусиқа ва расм солиш бўйича сабоқлар олган, бироқ ҳуқуқшунослик мазкур оила аъзоларининг асосий их-тисоси ва касби ҳисобланганлиги сабабли у 1792 йилда Кёнигсбергдаги Альбертина университетининг юридик факультетига ўқишга кирган. Ҳуқуқшунос мутахассислигига эга бўлган ўз соҳаси бўйича турли лавозимларда ишлаган, Варшавада Олий судда хизмат қилаётганида Наполеон бошчилигидаги француз қўшинларининг бу шаҳарга ишғол қилганидан кейинги уқубатларни бошидан кечирган, босқинчиларга содиқликка қасамёд қилишдан воз кечиб, ишдан қувилган.
Эрнст Теодор Амадей Ҳофман аслида узоқ йиллар давомида юраги тубида профессионал мусиқачи ва композитор бўлиш орзусини тугиб юрган. Болалигидан у ўзининг иқтидорини мусиқада деб ҳисоблаган. Мусиқа унинг учун ҳамма нарса – Тангри, мўъжиза, муҳаббат, барча санъатлар орасида энг жозибадори бўлган. «Мусиқа ижод қила бошлаган вақтдан буён ҳамма ташвишларимни, бутун дунёни ёддан чиқаришга муваффақ бўляпман. Хонамда, бармоқларим остида минглаб оҳанглардан яралган дунёни бу жой ташқарисида бўлган бирор нарса билан тенглаштириб бўлмайди», – деб ёзган у.